Низомга мувофиқ, оила “Ижтимоий реестр”га киритилгандан сўнг 3 иш куни ичида оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали, ижтимоий ходим эса ахборот модули орқали индивидуал режани ишлаб чиқади.
Индивидуал режа оиланинг имкониятлари, кўникмалари, қизиқишлари ва фикри, яшаш шароити, шунингдек, реестрга киритиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган хизматларга бўлган эҳтиёжлар инобатга олинган ҳолда шакллантирилади. Режада оилага тақдим этиладиган хизматлар, уларни тақдим этиш тартиби ва муддати, шунингдек, масъул давлат органлари кўрсатилади.
Хизматлар шакллантирилгандан сўнг индивидуал режа оиланинг муомалага лаёқатли аъзосига таништирилади. Кейин эса “маҳалла еттилиги” томонидан 2 иш кунида кўриб чиқилиб, оддий кўпчилик овози асосида режани тасдиқлаш ёки қайта кўриб чиқиш учун қайтариш ҳақида қарор қабул қилинади.
Индивидуал режаларнинг ижроси ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим томонидан ҳар 3 ойда камида 1 марта ўрганиб борилади.











