Петербургдаги мазкур майдонда ишлаб чиқариш 2022 йил март ойида Россиянинг Украинага босқини ва шундан кейин жорий этилган санкциялар туфайли тўхтатилган. Санкциялар эҳтиёт қисмлар ва бутловчи деталлар таъминотида узилишларга олиб келган. 2024 йилда Hyundai заводни рамзий сумма — 7000 рублга сотган. Компаниянинг ўз маълумотларига кўра, бу жараёнда 200 млн евро миқдорида зарар кўрган.
Ўша пайтда харидор сифатида “Арт-Финанс” МЧЖ чиққан — у аввалроқ Калугадаги Volkswagen активларини ҳам сотиб олган эди. Келишув шартларига кўра, Hyundai заводни икки йил ичида қайта сотиб олиши мумкин эди. Бу муддат 31 январ куни якунланди.
17 декабр куни “АГР” компаниялар гуруҳи (бу — собиқ “Арт-Финанс” МЧЖнинг янги номи) Петербургдаги собиқ Hyundai заводида Хитойнинг GAC брендига тегишли автомобилларнинг синов партиясини чиқаргани маълум бўлди. “Арт-Финанс” ва GAC ўртасидаги ҳамкорлик ҳақидаги ахборотлар 2023 йил ноябр ойидаёқ пайдо бўлган. Ўшанда корхонада дастлабки пайтда мавжуд деталлардан фойдаланиб автомобиллар йиғилиши айтилган эди.
Hyundai Motor’нинг Санкт-Петербургдаги заводи 2010 йилда очилган. Украинадаги урушга қадар у ерда йилига 200 мингдан ортиқ автомобил ишлаб чиқарилар эди — асосан Hyundai Solaris, Hyundai Creta ва Kia Rio моделлари конвейердан чиққан.











