2 февралдан бошлаб Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларидаги метан заправкалар соат 10:00 дан 16:00 гача фаолият юритади, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Фарғона водийсида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг (метан заправкалар) иш вақти ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, газ босимидан келиб чиқиб белгиланади.

«Ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи махсус техника ва жамоат транспортлари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланади», – дейилади хабарда.

Чекловлар юмшатилиши амалда кунлар исиётган вақтга тўғри келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, энергетика вазирлиги ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан 20 январдан республикада метан заправкалари фаолиятига чеклов киритганди. Яъни, амалда бундай ёқилғи қуйиш шохобчалари ёпилганди. Натижада ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятида муаммолар юзага келганди.