Брифингда қайд этилишича, кўрилган таъсир чоралари натижасида тадбиркорлар манфаати учун салмоқли иқтисодий натижаларга эришилган. Жумладан, тадбиркорларга 10 млрд сўм маблағ қайтарилган, 16 млрд сўмлик қарздорлик бекор қилинган ҳамда 40,1 млрд сўм субсидия ажратилиши таъминланган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органларининг 220 та ноқонуний қарори бекор қилингани маълум қилинди.
Текширувлар бўйича назорат ҳам кучайтирилган: 148 мингдан ортиқ текширув мувофиқлаштирилиб, 10 мингга яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Натижада 1072 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 103 та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатиш учун тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.
Шу билан бирга, назорат органлари фаолиятида ҳам тизимли ўзгаришлар амалга оширилгани таъкидланди. Хусусан, назорат органларининг 8682 нафар ходими аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 76 фоизи синовлардан муваффақиятли ўтган. Бундан ташқари, йил давомида 900 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизадан ўтказилиб, тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган таклифлар киритилган.











