Ўзбекистон қонунчилигига кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали кўрсатиладиган айрим ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга ёшлар ижтимоий шартномаси асосида тақдим этилади.
Шу доирада, касбий ва олий таълимда таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар учун тўлов-контракт суммасининг 50 фоизгача қисми қоплаб берилиши белгиланган. Бунда тўловлар ўқувчи-талаба билан тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Қайд этилишича, мазкур ёрдамнинг умумий миқдори бир ўқув йили учун БҲМнинг 50 бараваридан ошмаслиги лозим.
Мазкур тартиб президентнинг 2025 йил 20 ноябрдаги ПФ-222-сон фармонида назарда тутилган.











