Президент Шавкат Мирзиёев 26 январ куни Тошкентда Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти ва ташкилот Бош ассамблеяси иштирокчиларини қабул қилди.

Мамлакат етакчиси Ўзбекистонга халқаро спорт ҳаракатининг ишончли ҳамкори сифатида юксак ишонч билдирилиб, ташкилот ассамблеясини Тошкентда ўтказишга қарор қилингани учун миннатдорлик изҳор этди.

Учрашувда спортни ривожлантириш “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида устувор йўналишлардан бири сифатида белгилангани таъкидланди.
Ўзбекистон халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва амалий натижаларга эришишга қаратилган қўшма дастур ҳамда ташаббусларни амалга оширишга тайёрлиги қайд этилди.

Тадбир якунида Мирзиёев спортни ривожлантириш ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё Олимпия кенгаши бош директори, Бутунжаҳон сув спорти федерацияси президенти Ҳусайн ал-Мусалламга «Дўстлик» орденини топширди.












