Наманган туманидаги цемент заводи ходимининг вафоти ҳақида Kun.uz эълон қилган материалдан кейин, Меҳнат инспекцияси текширув ўтказди.

Kun.uz 5 январ куни эълон қилган материалда айтилганидек, цемент ишлаб чиқарувчи “Toshbuloq invest group” МЧЖнинг махсус қоришма сақланадиган баландлиги 17 метрли махсус “бункер”ига туширилган 18 ёшли ишчиси Баҳром Ҳошимов тозалаш вақтида вафот этган. Бахтсиз воқеани текшириш бўйича махсус комиссия ҳодисага ишчининг ўзи айбдор экани ҳақида хулоса тузган.

Меҳнат инспекциясининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан 8–16 январ кунлари қайта текширув ўтказилган.

“Текширув натижаларига кўра, бахтсиз ҳодиса сабаблари қайта расмийлаштирилди ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли қонунчилик талабларини бажармасдан, ушбу сабабларнинг келиб чиқишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан расмийлаштирилган текширув материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Шунингдек, “Toshbuloq invest group” МЧЖ томонидан марҳум Ҳошимов Баҳром Баҳодир ўғлининг оила аъзоларига (ота-онаси, акаси ва укасига) 500 миллион сўм миқдордаги зарар пуллари тўлаб берилди”, – дейилади инспекция ахборотида.