Наманган вилояти Поп туманида маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси 1988 йилда туғилган фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун 49 йил муддатга ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали хусусий мулк сифатида расмийлаштириб беришини айтган. Шунингдек, ушбу ернинг 6 сотих қисмида қурилган уй-жой учун тегишли кадастр ҳужжатларини тайёрлатиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳоким ёрдамчиси олдиндан 1000 АҚШ долларини ўзининг 1990 йилда туғилган таниши орқали олган вақтда ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, бошқа ҳолатда Давлат кадастрлари палатасининг Поп туман филиали ишчиси давлат захирасидаги 10 сотих ер майдони ва унда қурилган уй-жойни мансабдор танишлари орқали фуқаро номига шахсий мулк сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллари ва 4,8 млн сўм олган вақтида ДХХ, ИИВ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан кадастр ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.