Навоий вилояти Томди туманида йўловчи автобус ағдарилиб кетди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ.
Воқеа 17 январ куни соат 07:00 атрофида туманнинг «Томдибулоқ» ОФЙ ҳудудидан ўтган А-379 Навоий-Учқудуқ халқаро автомобил йўлининг 189–190 километрлари оралиғида содир бўлган.
Zhong Tong автобуси ҳайдовчиси Навоий-Зарафшон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келиб бошқарувни йўқотган. Оқибатда транспорт қарама-қарши томонга ағдарилиб кетган.
Ҳодиса туфайли жабрланган икки киши Зарафшон шаҳар тиббиёт бўлимига етказилган. Автобусда жами қанча одам бўлганига ойдинлик киритилмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 5 январ куни ҳам Навоий вилоятининг Томди тумани ҳудудида 47 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетиши оқибатида икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган, 9 киши шифохонага ётқизилганди.











