Лойиҳага кўра, фуқароларнинг саёҳат ва ҳаракатланиш қулайлигини ошириш мақсадида камида 3 та давлат билан ID-карталар асосида чегараларни эркин ўтиш имконини берувчи келишувларга эришиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 11 миллиард доллардан 15 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу йўналишда савдо-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш, бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва ўзаро кооперацияни ошириш устувор вазифа сифатида қайд этилмоқда.
Халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш доирасида эса Ўзбекистоннинг хорижда дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлмаган ҳудудларда фахрий консуллик институтини жорий этиш ва улар сонини 35 тага етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, хорижий капитални жалб қилишни қўллаб-қувватлаш мақсадида инвесторлар учун 14 та “гайд-бук” (йўриқнома/маълумотнома) ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.










