Маълум қилинишича, 1916 йилда ташкил этилган мазкур таълим даргоҳи бугунги кунда 7 мингга яқин талабани қамраб олган бўлиб, уларга 1,2 мингга яқин профессор-ўқитувчи сабоқ беради.

SOAS Лондон университетининг мустақил олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университет Лондонда тўртта академик кампус ва кутубхонага эга. Шунингдек, у Ҳиндистон, Бангладеш, Хитой, Саудия Арабистони ҳамда Қозоғистон олий ўқув юртлари билан қўшма таълим дастурларини амалга оширади. Таълим йўналишлари орасида ижтимоий-гуманитар фанлар, шунингдек, Шарқ ва Африка тиллари бўйича курслар мавжуд.

Учрашув чоғида профессор Адам Ҳабиб Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ташкилот истиқболли таълим лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма диплом дастурларини яратиш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотлар ва касбий ривожланиш йўналишларида Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр.