Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан “давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оилалар учун қатор ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади.
Қуёш панелларига субсидия: мазкур оилалар хонадонига қуввати 7–10 кВт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш учун БҲМнинг 100 бараваригача субсидия ажратилади.
Оилавий тадбиркорлик учун кредит: Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари орқали 4 йилгача, БҲМнинг 75 бараваригача кредит ажратилади. Кредит:
- оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун;
- жумладан, чорва моллари, парранда, қуён, балиқ, асалари уяси, кўчма дўконлар, мотороллер/скутер ва бошқа асосий воситаларни сотиб олиш ёки иссиқхона қуриш мақсадларига йўналтирилиши белгиланган;
- кредит 1 йиллик имтиёзли давр билан “давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оила аъзосининг ижтимоий картасига ўтказилади;
- кредит фоиз ставкаси дастур доирасида белгиланган ставкалар асосида ҳисобланади, фоиз тўловлари эса Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб борилади.
Бундан ташқари, оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, тоифаларини белгилаш ва ундан чиқариш масалалари бўйича келиб чиқадиган низоларни тезкор кўриб чиқиш мақсадида 2026 йил 1 февралдан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида апелляция кенгаши ташкил этилади.
Қайд этилишича:
- апелляция кенгаши ўз фаолиятини давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил амалга оширади;
- у оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш бўйича далолатнома ва хулосаларни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш, ёхуд уларга ўзгартириш киритиш бўйича “маҳалла еттилиги”га мажбурият юклаш ҳақида қарорлар қабул қилади.










