Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган ҳужжатда 2026 йил 1 январдан директор жамғармаси ҳисобидан KPI'га қараб директорга — 20 фоизгача, директор ўринбосарларига — 10 фоизгача миқдорида ойлик устамалар белгиланиши назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги 662-сон қарорига кўра, баҳолаш методика ва тартиб — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади, кўрсаткичлар — мактабнинг bчки гуруҳи томонидан баҳоланади, устама миқдори — мактаб тўплаган умумий баллга қараб белгиланади.
Баллар диапазонига кўра устамалар директорлар учун 61–70 балл — 3 фоиз, 71–80 балл — 10 фоиз, 81–90 балл — 15 фоиз, 91–100 балл — 20 фоиз. Директор ўринбосарлари учун 61–70 балл — 2,5 фоиз, 71–80 балл — 5 фоиз, 81–90 балл — 7,5 фоиз, 91–100 балл — 10 фоиз.
Устама жамғармадаги мавжуд маблағлар доирасида тўланади. Устама белгиланиши учун директор/ўринбосар мазкур мактабда камида 9 ой асосий лавозимда ишлаган бўлиши керак.
Шунингдек, ҳудудлардаги директорлар кенгашида фаолият юритаётган айрим тажрибали директорларга ҳам жамғарма ҳисобидан 20 фоиз ойлик устама тўланиши қайд этилган.











