Мутахассислар тушунтиришича, совуқ ҳаво шароитида атмосфера зичлашади ва инверсия ҳодисаси кузатилади. Бундай пайтда ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар юқорига кўтарилиб тарқалмайди, аксинча ерга яқин қатламда йиғилиб қолади. Натижада майда дисперс заррачалар — PM2,5 миқдори ошиши эҳтимоли пайдо бўлади.
Шу сабабли қор ёғаётган кунлари ҳам ҳаво сифати ёмонлашиши мумкинлигини инобатга олиш, эҳтиёт чораларига амал қилиш ва ҳаво сифати кўрсаткичларини мунтазам кузатиб бориш тавсия этилди.
Шунингдек, айни дамда республика бўйлаб датчиклар ва станциялар маълумотлари техник сабабларга кўра IQAir порталида акс этмаётгани маълум қилинди. Ўзгидрометнинг республика бўйлаб ўрнатилган 23 та станция маълумотларини реал вақт режимида қуйидаги манзил орқали онлайн кузатиш мумкин: https://monitoring.meteo.uz/uz.











