Учрашувдан аввал мамлакат элчихонаси дипломатлари учун Olimp гуруҳининг Остона шаҳридаги марказий лабораторияси бўйлаб ташриф ташкил этилди. Ташриф доирасида тиббиёт маркази фаолияти ҳамда Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар — Roche, Abbott, Sysmex, Qiagen, Beckman Coulter, Becton Dickinson, Eppendorf, Sartorius, Axygen, Thermo Fisher, Siemens, Illumina, Olympus, Carl Zeiss, GE ва Philips каби брендлар техникалари билан яқиндан таништирилди.

Сўнгра ўтказилган мулоқот чоғида Ўзбекистон–Қозоғистон ҳамкорлиги доирасида юқори технологик диагностик лабораториялар тармоғини йўлга қўйиш, унинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари ҳамда амалий механизмлари атрофлича кўриб чиқилди.

Olimp компанияси раҳбари Ўзбекистон ҳукумати Қорақалпоғистон аҳолисининг ижтимоий фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, қўшма лойиҳани амалга оширишни айнан Нукус шаҳридан бошлаш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Маълумот учун, Olimp компанияси 2007 йилда Остона шаҳрида фаолиятини бошлаган. Ҳозирда тармоқ Қозоғистоннинг барча ҳудудларида жойлашган 600 дан ортиқ биоматериал қабул қилиш ва процедура хоналари орқали хизмат кўрсатади. Компания таркибида 20 га яқин замонавий лаборатория фаолият юритади. Тармоқда 6 мингдан зиёд мутахассис ишлайди, 2 мингдан ортиқ турдаги лаборатор текширувлар амалга оширилади ҳамда йилига 16 миллиондан зиёд лаборатор тест ўтказиш имконияти мавжуд.