Kun.uz Тошкент вилояти Пискент туманидаги Тошкент денгизига яқин ҳудудда кўплаб дарахтлар кесиб ташланганига оид видеомурожаатни эълон қилгач, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ўрганиш давомида «Лолариқ» МФЙдаги “Янги замин боғдорчилик ва узумчилик ширкати” ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига қарашли майдоннинг дала четида ўсиб турган 24 туп тол дарахти ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланган.
Шу сабаб бошқарма фермер хўжалиги раҳбаридан тушунтириш хати олган ва далолатномани расмийлаштирган. Табиатга етказилган зарар 218 566 000 сўм миқдорида ҳисобланган ва раҳбар жаримага тортилган.
Маълум қилинишича, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилади.











