Ҳозир республика бўйича экин майдонлари ҳудудидан ўтган 70 минг километр узунликда очиқ дренаж ва коллекторлар мавжуд. Агар улар босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилса, экин экиш учун қўшимча майдонлар яратиш, шунингдек, зовурларни тозалаш билан боғлиқ харажатларни бир неча баробарга қисқартириш имконияти юзага келади.
Бу масала, айниқса, ер танқислиги сезиларли бўлган водий вилоятлари учун жуда долзарб ҳисобланади. Шу боисдан мазкур дастур доирасида вилоят ҳокимлари тажрибали тадбиркорлар билан ҳамкорликда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва кўрсаткичларга эришиш учун шахсан масъул этиб белгиланди.











