Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров (2726) Жанубий Африка Республикасининг Кейптаун шаҳрида бўлиб ўтаётган Freestyle Chess Grand Slam турнирини муваффақиятли бошлади.
У саралаш босқичининг 1-турида жаҳоннинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсенни (2840) мағлуб этди. Бу ўзбекистонлик 20 ёшли шахматчининг фаолиятида Магнус Карлсен устидан иккинчи ғалабага айланди.
Кейинги турларда у эронлик Парҳам Максудлу (2708), америкалик Фабиано Каруана (2795) ва Ҳанс Моке Ниманни (2725) ҳам мағлуб этди, ҳиндистонлик Аржун Эригаиси (2775), германиялик Винсент Каймер (2776) ҳамда америкалик Левон Аронян (2729) билан дуранг қайд этилди.
Натижада ўзбекистонлик шахматчи 5,5 очко билан саралаш турнирида биринчи ўринни эгаллади ва плей-офф босқичида (чоракфиналда) ўз рақибини биринчи бўлиб танлаш имкониятига эга бўлди. У турнир аутсайдери Парҳам Максудлуни танлади (ушбу шахматчи саралаш босқичида барча баҳсларда ютқазган).

Чоракфинал баҳслари бугун старт олади. Унда қуйидаги жуфтликлар ҳосил бўлган:
• Жавоҳир Синдаров vs. Парҳам Максудлу
• Левон Аронян vs. Ҳанс Моке Ниман
• Аржун Эригаиси vs. Винсент Каймер
• Магнус Карлсен vs. Фабиано Каруана
Турнир 11 декабргача давом этади. Турнир соврин жамғармаси 660 минг долларни ташкил этиб, ғолиб шахматчи 200 минг доллар билан мукофотланади.











