ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари Косонсой туманида ўтказган тезкор тадбир чоғида қимматбаҳо металл контрабандаси билан шуғулланган шахсларнинг ҳаракатларига чек қўйди.
Тезкор маълумотга кўра, Косонсой туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро тоғаси – 1988 йилда туғилган шахснинг кўрсатмасига асосан давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтган. У қўшни Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига тахминий қиймати 1,1 миллиард сўм бўлган, умумий оғирлиги 1 килограмм 168 граммни ташкил этувчи олтин қуймаси парчаларини олиб киргани аниқланган.
Ҳамкорликдаги тадбир давомида у ушбу олтинларни Косонсой туманида яшовчи бошқа бир қариндошига етказиб берган вақтида жиноят устида қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, мазкур ҳаракатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (контрабанда) ва 223-моддаси 2-қисми “б” банди (чегарани ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











