Мўйноқ туман марказидан 65 км узоқликдаги ҳудудда махсус илмий-тадқиқот станцияси барпо этилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Станцияда Орол денгизининг қуриган тубида юзага келаётган долзарб экологик муаммоларни илмий асосда ҳал этишга қаратилган амалий тадқиқотлар ўтказилади.
Лойиҳалар доирасида ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос ўсимликларни етиштириш, уларни парваришлаш ва касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоялаш, шўрланган тупроқлар унумдорлигини тиклаш, туз ва қум миграцияси йўналишларини ўрганиш, биологик, метеорологик ва геологик тадқиқотлар ўтказиш ишлари амалга оширилади.
Илмий-тадқиқот станциясида 24 та контейнер ўрнатилган бўлиб, ҳудуд тоза ичимлик суви, электр таъминоти, интернет алоқаси ҳамда доимий видео кузатув тизими билан тўлиқ таъминланган.
Бу ерда бир вақтнинг ўзида 150 нафар олим ва мутахассислар истиқомат қилиб, илмий тадқиқотлар ўтказиши мумкин.











