Uzbekistan Airways парвозни бошқариш тизимининг дастурий таъминотига (ДТ) ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи Airbus компаниясининг фавқулодда директиваси талаблари тўлиқ бажарилгани ҳақида хабар берди.

Ушбу талаб 2025 йил 28 ноябрда Европа Авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) томонидан қуёшнинг кучли радиацияси натижасида аппарат таъминотидаги заифликларнинг олдини олиш мақсадида Airbus A320/321 туркумидаги самолётларнинг борт компютерларидан бири (ELAC) ДТ версиясини алмаштириш зарурияти туфайли киритилган эди.

Қайд қилинишича, 29 ноябр ҳолатига кўра, UzAirways авиакомпаниясининг барча А320/321 ceo/neo ҳаво кемалари дастурий таъминот модификациясидан ўтди.

Аввалроқ, Airbus корпорацияси яқинда А320 оиласига мансуб самолёт (Гап Мексикадан Қўшма Штатларга учиб кетаётганда баландлигини кескин тарзда йўқотган JetBlue самолёти ҳақида кетмоқда) билан содир бўлган ҳодиса - кучли қуёш нури радиацияси парвозларни бошқариш тизимларининг ишлаши учун муҳим бўлган маълумотларга зарар етказиши мумкинлиги, шу туфайли дастурий таъминотни ўзгартириш учун А320 оиласининг «кўп сонли» самолётлари қайтариб олинишини эълон қилган эди.