Қарорга мувофиқ, давлат хариди электрон тизими операторининг электрон тизимида Farma.xarid.uz модули яратилади. Давлат буюртмачилари томонидан дори воситалари ва тиббий жиҳозлар бўйича давлат харидларини мажбурий равишда айнан шу модуль орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган фармацевтика маҳсулотлари билан боғлиқ давлат харидларида қуйидаги тоифадаги иштирокчиларга рухсат берилади:
дори воситалари бўйича “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)” сертификатига эга ишлаб чиқарувчилар;
тиббий жиҳозлар бўйича ISO:13485 сертификатига эга ишлаб чиқарувчилар;
“Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP)” сертификатига эга дори воситаларини улгуржи сотувчи дистрибюторлар.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан Андижон ва Наманган вилоятларида рўйхатдан ўтган давлат буюртмачилари, 2026 йил 1 июлдан эса барча давлат буюртмачилари фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидларини Farma.xarid.uz модули орқали амалга ошириши шарт бўлади.
Қарорга биноан, 2026 йил 1 январдан Pharma.gov.uz порталининг махсус бўлимида давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг миллий классификатори асосида, харид ҳажмлари кўрсатилган ҳолда барча фармацевтика маҳсулотларининг реестри эълон қилиб борилади.
Мазкур чора-тадбирлар фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидларида шаффофликни ошириш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, халқаро стандартларга мос рақобатбардош муҳитни шакллантиришга қаратилган.











