IMV Origin заводда фақат 70 фоизгача тайёрланади. Қолган қисмини эса харидор ўзи тўлдиради: хоҳласа пикап, хоҳласа кичик фургон ёки ҳатто микроавтобусга айлантиради. Toyota бундай ғоя орқали ҳар бир фойдаланувчига ўз эҳтиёжига мос машинани яратиш имконини бермоқчи.
Машина оддий ва очиқ дизайнга эга — битта ўриндиқли кабина, эшик ва ойналарсиз, орқа томони эса ясси платформа бўлиб, турли юклар ёки мосламаларни жойлаштириш учун мўлжалланган.

Toyota бу моделни Африканинг узоқ ва нотекис ҳудудлари учун ишлаб чиқмоқда. Чунки бу жойларда йўллар ёмон, эҳтиёт қисмлар топиш қийин ва электр заряд станциялари деярли йўқ. Шу сабабли IMV Origin бензин ёки дизел двигател билан чиқиши кутилмоқда.

Toyota бундан аввал Woven City лойиҳасини ҳам тақдим этган эди — бу сунъий интеллект ва роботлар бошқарадиган “ақлли шаҳар”. Энди эса IMV Origin орқали компания келажак технологиясини оддий одамлар ҳаётига яқинлаштирмоқда.










