ҚҚСнинг нол ставкаси қўлланадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати тўлдирилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистон президентининг сентябр ойидаги фармонига кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган (пахта ва ғалладан ташқари) маҳсулотларни реализация қилишда ҚҚСнинг нол ставкаси қўлланади.
Фармонга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Солиқ қўмитаси ҚҚСнинг нол ставкаси татбиқ этиладиган маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлади.
Рўйхатдаги маҳсулотлар 131 тага кўпайиб, 477 тага етган. Улар орасида донли ва бошоқли экинлар, зираворлар, мева ва сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, тирик чорва ҳайвонлари ва паррандалар, кўчатлар ва уруғлар, гуллар ва ипак, шунингдек, гўшт, сут, сариёғ, қаймоқ, қатиқ, творог, сузма, сметана, бринза, тухум ва асал каби маҳсулотлар бор.
Маҳаллий ҳокимликлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин.










