Асаб тизими бузилиши
Ёлғон гапириш ёки уни яшириш инсоннинг ички психологик муҳитида доимий зўриқишни юзага келтиради. Танамиз буни хавфли сигнал сифатида қабул қилади ва “стресс гормони” – кортизол ишлаб чиқаришни оширади. Кортизолнинг миқдори узоқ вақт давомида юқори бўлса, у тананинг турли тизимларига салбий таъсир кўрсатади.
Хусусан, кортизол миқдорининг ошиши асабийлашув, безовталик, диққат ва концентрация пасайиши, уйқу сифатининг бузилишига олиб келади.
Юрак-қон томир фаолияти издан чиқиши
Ёлғон юрак-қон томир тизимига ҳам сезиларли зарар етказади. Психологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тез-тез ёлғон гапирадиган ёки ҳақиқатни яширадиган инсонларда артериал қон босими ошади, юрак уриши тезлашади ва кардиологик касалликлар хавфи ортади.
Бунинг сабаби шундаки, ёлғон билан боғлиқ ички зўриқиш организмни доимий стресс ҳолатига олиб келади. Танада стресс пайтида кортизол ва адреналин гормонлари кўпаяди, бу эса юрак мушакларига ортиқча юк тушиши, қон томирларининг торайиши ва қон босимининг кўтарилишига сабаб бўлади. Агар бу ҳолат узоқ давом этса, инсон гипертензия, атеросклероз ёки юрак хуружи хавфи остида қолади.
Шунингдек, доимий асабийлик ва ички зўриқиш уйқу сифати ҳамда психологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатади. Инсон яхши ухлолмайди, чарчоқ ҳисси кучаяди, диққат ва концентрацияси сусаяди.
Руҳий саломатлик заифлашуви
Ёлғонни яшириш ёки доимий эслаб туриш ички зўриқиш ва психологик стрессни оширади. Бундай ҳолатда инсон ўзини хавотирли, ғамгин ва чарчаган ҳис қилади. Шунингдек, ёлғон ижтимоий алоқаларга ҳам салбий таъсир қилади. Инсон ўз атрофидагиларга нисбатан ишончни йўқотади, очиқ ва самимий мулоқот қилиши қийинлашади. Бу эса оилавий ва ишдаги муносабатларнинг сифатини пасайтиради, ижтимоий изоляция хавфини оширади.
Инсон доимий равишда ёлғонни эслаб, уни яширишга уриниш билан ички зўриқишни кучайтиради. Доимий стресс туфайли иммунитет заифлашади, организм касалликлар ва инфекцияларга нисбатан ҳимоясиз қолади. Шу сабабли ёлғон билан боғлиқ ички зўриқиш касалликларга чалиниш эҳтимолини оширади.
Ҳазм қилиш сустлашуви
Бу одат овқат ҳазм қилиш тизимига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Инсон ёлғонни эслаб, уни яширишга ҳаракат қилганда танада асабийлик ва ички зўриқиш ортади. Мазкур ҳолат ошқозон кислотасининг ортиқча ишлаб чиқилишига олиб келади, натижада ошқозон-ичак фаолияти бузилади.
Стресс остида ошқозоннинг табиий перисталтик ҳаракатлари секинлашади ёки тартибсизлашади. Шу сабабли овқат ҳазм қилиш жараёни тўлиқ амалга ошмайди, овқатдан олинадиган озиқ моддалар етарлича сўрилмайди, организм энергия ва витамин етишмовчилиги хавфи остида қолади. Бундан ташқари, доимий ички зўриқиш ошқозон безлари ва ичакларда диспепсия, метеоризм, қорин оғриғи ёки ошқозон яраси каби муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Демак, соғлом ҳаёт фақат жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш ва дам олиш билан эмас, ҳалоллик ва руҳий поклик билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Ростгўйлик қимматбаҳо инсоний фазилат ва соғлом ҳаётнинг муҳим таркибий қисми эканини унутмаслик керак.











