Президент қарори билан, Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси активлари таркиби янгиланди.

Унга кўра, жамғарманинг устав капиталидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига:

  • «Uzbekistan Airports» АЖ, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБнинг акциялари Иқтисодиёт ва молия вазирлигига;
  • «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг акциялари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.

Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 30 фоиз улуши жамғармага ўтказилади.

Бундан ташқари, жамғарма портфелида:

  • «Ўзбекгидроэнерго» АЖ акциялари 20 фоиздан 40 фоизга;
  • «Темирйўлинфратузилма» АЖ акциялари 25 фоиздан 40 фоизга;
  • «Ўзбекинвест» АЖ акциялари 20 фоиздан 30 фоизга етказилади.

Эслатиб ўтамиз, Миллий инвестиция жамғармаси 2024 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг устав капитали 18 та давлат корхонасидаги 25 фоиздан 40 фоизгача бўлган улушлардан ташкил топган ва бу активларнинг жами қиймати 1,68 млрд долларга баҳоланган эди. Жамғарма 2025 йил февралида Franklin Templeton (АҚШ) бошқарувига берилган.