Kun.uz’га Термиз шаҳрида жойлашган 21-мактаб ўқитувчисидан мурожаат келиб тушди. Унда педагоглар концерт учун билет сотиб олишга мажбурланаётгани айтилади.
Таҳририят ихтиёрига юборилган думалоқ видеода мактаб директори 1 октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими 15 та билет юборгани, нархи 80 минг сўмдан экани, боришни истаганлар ихтиёрий келиб тўлов қилиб олиши мумкинлиги, қолган билетлар эса ходимлар бошига бўлиб юборилиши гапирилган.
“Хоҳловчилар келиб, тўлов қилиб олиб кетасизлар, бўлмаса мана шу 15 та билетни “обший” мана шу мактабдаги дарс ўтадиган устозларга бўламиз. Масала, муаммо, шикоятлар бўлмасин. Кимда қандай масала бўлса, ўзимнинг олдимга келсин”, – деган директор.
Айни мактабда ишловчи педагог билет олиш мажбурий қилинаётганини билдирди. “Оласизлар, мажбурий деб айтяпти, мен директорман, оласан деб”, – дейди мурожаатчи.











