Касби тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутахассиси товламачилик қилгани учун жиноий жазога тортилди. 36 ёшли К.У. (эркак) ижтимоий тармоқ орқали ўзини аёл сифатида таништириб келган.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, К.У. 2025 йил 9 июн куни фуқаро Ш.Қ.га Telegram орқали ёзиб, ўзини қиз бола сифатида таништирган. Сўнгра у билан ишқий муносабатда мулоқот қилиб келган.

К.У. ишқий ёзишмалар давомида Ш.Қ.нинг яланғоч ҳолати акс этган видеотасвирни қўлга киритган. Сўнгра аслида ўғил бола эканини билдириб, видеотасвирни тарқатишини айтиб, Ш.Қ.ни қўрқитган. Мутахассис бу ишни қилмаслик учун 2 минг доллар талаб қилган. У 2025 йил 13 июн куни соат 18:00 ларда Касби тумани Оққамиш маҳалласи ҳудудида 1 000 доллар олган вақтида Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

К.У. судда айбига иқрорлик билдирган.

2025 йил 9 июн куни Ш.Қ.га Telegram орқали қиз бола сифатида ёздим ва у билан бирга бўлишни хоҳлашимни айтдим. Сўнгра яланғоч ҳолатдаги видеосини ташлашни сўрадим. У 4 секундлик видео жўнатди. Видеони тарқатишни айтиб, 2 минг доллар талаб қилдим. 1 000 долларга келишдик. Қилмишимдан афсусдаман”, деган мутахассис ўз кўрсатмасида. У қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини маълум қилиб, суддан енгиллик сўраган.

Суд ҳукми билан К.У. Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.