Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 9-мактабда бир гуруҳ ўқитувчилар мактаб таъмири учун мажбуран жалб этилганига оид Kun.uz материалидан сўнг вилоят ҳокимлиги расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳолат вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳузурида туман ҳокими Улуғбек Йўлдошев ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири, 9-мактаб директори ва таҳририятга мурожаат йўллаган математика фани ўқитувчиси билан муҳокама қилинган.

Мактаб директори таълим муассасасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тезкор ташкил этиш мақсадида ташаббус кўрсатганини, жараён ўқитувчилар розилиги асосида ҳашар шаклида амалга оширилганини айтган.

Ҳокимлик хабарига кўра, директор мактабга яқинда раҳбар сифатида тайинланганини, муассасада соғлом муҳит тўлиқ шаклланмаганини, гуруҳбозлик ҳолатлари кузатилаётганини ва дарс тақсимоти бўйича мурожаатчи томонидан эътирозлар билдирилганини баён этган.

Муҳокама якунида туман ҳокимига таълим муассасаларида етарли назорат ўрнатмагани ва зарурий тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бормагани учун ҳайфсан берилган.

Иш берувчи томонидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирига интизомий жазо берилиши, 9-мактаб директорининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши белгиланган.

Масала юзасидан ҳозирча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаси расмий муносабат билдиргани йўқ.