Хавфли жиноятчи Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўлга олинган шахс товламачилик ва бир қатор бошқа оғир жиноятларни содир этгани учун халқаро қидирувга берилган.

Ушбу экстрадиция жараёнида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш бўйича асосий мувофиқлаштирувчи вазифани Ўзбекистон Интерпол миллий марказий бюроси амалга оширган. Бюро ходимлари Интерполнинг Қоҳира шаҳридаги миллий марказий бюроси билан тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйган ҳамда икки давлат ваколатли идораларининг ўзаро ҳамкорлиги мувофиқлаштирилган.

Интерпол миллий марказий бюроси қидирилаётган шахснинг давлатлараро ҳаракатланиш йўналишларини аниқлаган ва унинг Мисрда экани тасдиқланган. Интерпол каналлари орқали олинган маълумотлар Мисрнинг ваколатли идораларига қидирувдаги шахсни қўлга олиш имконини берган.

Экстрадиция тўғрисидаги сўров кўриб чиқилгач, Миср ваколатли идоралари қўлга олинган шахсни Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор қабул қилган. Шундан сўнг у жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистонга олиб келинган.