Невролог Эндрю Лим бошчилигида Канададаги Sunnybrook соғлиқни сақлаш маркази олимлари томонидан уйқу фаолияти билан боғлиқ тадқиқот ўтказилди. Унда 600 нафардан ортиқ кексалар устида кузатув олиб борилди.

Тадқиқот иштирокчилари бир неча йиллар давомида ухлаш вақтида бошларига ақлли соатларга ўхшаш махсус қурилмаларни тақиб ётди. Гаджетлар орқали инсон танасининг уйқудаги фаолияти қайд этиб борилди. Респондентлар вафотидан сўнг ўз миясини кўнгилли тарзда илмий тадқиқотда фойдаланишга топширди. Бу эса олимларга мия ҳужайраларини чуқур таҳлил қилиш имконини берди.

Натижалар шуни кўрсатдики, уйқуда безовта бўладиган ва тез-тез уйғониб кетадиган инсонларнинг миясида перицитлар деб аталувчи муҳим ҳужайралар миқдори сезиларли даражада камаяди. Бу ҳужайралар бош қисмдаги энг кичик қон томирларни ўраб туради ва мия қон оқимини назорат қилади. Шунингдек, улар қон билан мия ўртасидаги моддалар алмашинувини таъминлайди.

Перицитлар миқдори озайганда қон айланиши ёмонлашади, мия тўқималари етарли озиқланмайди, бу эса хотира, диққат, фикрлаш каби когнитив функцияларни пасайтиради

Илгари олимлар деменция ёки алцгеймер касаллигига чалинган одамлар ухлай олмайди, уйқуси бузилади, яъни уйқусизлик – касалликнинг натижаси деб хулоса берар эди. Янги тадқиқот эса мазкур хасталиклар уйқу бузилиши туфайли пайдо бўлиши, яьни уйқусизлик сабаб эканини кўрсатмоқда.

Мутахассислар уйқу сифатини яхшилашни тавсия этмоқда. Бу орқали фақатгина дам олиш эмас, мия саломатлигини сақлаш ва деменциянинг олдини олиш мумкинлиги қайд этилган.

Ухлаганимизда мия ўзини тиклайди. Бу жараён бузилса, унинг фаолияти аста-секин издан чиқади”, - дейилади тадқиқот хулосасида.