Хитойнинг Air China авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсат олди.

«Ўзавиация» агентлиги томонидан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга асосан, Air China авиакомпаниясига Пекин-Тошкент-Пекин ва Урумчи-Тошкент-Урумчи йўналишларида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома расмийлаштирилди.

Парвозлар Boeing-737-800/8 (МАХ) ва Airbus-330-300/200 ҳаво кемаларида амалга оширилади.

Air China — Хитойнинг энг йирик давлат авиакомпанияларидан бири бўлиб, 1988 йилда ташкил этилган. Компания дунёнинг 200 га яқин шаҳрига рейсларни амалга оширади. Унинг ҳаво кемалари паркида 500 дан ортиқ самолёт бор.