Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 1 июлдан бошлаб йўловчилар маҳаллий йўналишлардаги парвозларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон вариантидан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлди.

Аэропортда рўйхатдан ўтишдан олдин йўловчи my.gov.uz сайти/мобил иловаси ёки «Ижтимоий карта» мобил иловасидаги шахсий кабинетига кириб, шахсий маълумотлар саҳифасига ўтади ва электрон шаклда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни рўйхатдан ўтиш жойидаги ходимга кўрсатади.

Фақат my.gov.uz сайти/мобил иловаси ёки «Ижтимоий карта» мобил иловасидаги жорий маълумотлар шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади, шунинг учун рўйхатдан ўтиш пайтида шу каби ҳужжатларнинг нусхалари, фотосуратлари, паспорт/ID'нинг сканерланган вариантлари ёки шахсий маълумотлар бўлган веб-сайт саҳифасининг «скриншот»лари қабул қилинмайди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб шу йил бошида қабул қилинган ҳукумат қарорида белгиланган.

Қарорга, 2025 йил 1 июлдан Ўзбекистон ҳудудида шахсни тасдиқловчи (ID карта, никоҳ ва ҳайдовчилик гувоҳномаси, ишончнома ва бошқ.) ҳужжатларнинг электрон нусхаси ҳам давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мажбурий тартибда қабул қилинади.