"2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" президент фармони қабул қилинди.
2025 йил 1 июндан бошлаб туризм соҳасидаги барча давлат электрон тизимлари ва платформалари Туризмнинг ягона миллий платформаси доирасида ишлаб чиқилади. Бунда:
- жойлаштириш воситаларини платформа орқали банд қилаётган Ўзбекистон фуқароларига шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз MylD тизимида идентификациядан ўтиш рухсат этилади;
- платформага уланган жойлаштириш воситаларининг шахсий кабинетида меҳмонларни QR-код ёки юзни таниш тизими орқали идентификация қилиш имконияти яратилади.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2025 йилда юқори туристик салоҳиятга эга туман ва шаҳарларда апарт-меҳмонхоналар, капсула уйлар ва шунга ўхшаш бошқа жойлаштириш воситаларидан иборат замонавий дам олиш зоналарини яратиш режаси;
- 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2025 йилда хорижий туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича режа-жадвал;
- хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини янада ошириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш ва тарғибот ишларини кенгайтириш бўйича "Йўл харитаси";
- 2025 йилда мақсадли бозорлардан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида туризм бизнеси вакиллари иштирокида ўтказиладиган тақдимотлар (roadshow) рўйхати.











