Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш қурбонлари сони 3 кишига етди. Milliy телеканалида хабар берилишича, шифохонага ётқизилган яна бир киши 9 май куни вафот этган.

«Ҳолат 7 май куни 15:06 атрофида Қўштепа маҳалласида жойлашган АЁҚШ ҳовлисида содир бўлган. Ҳажми 10 куб метр бўлган 2 дона ёқилғи сақловчи сиғимда (солярка) «ЗИЛ» автомашинасига ёқилғи қуйиш вақтида чақнаш юз берган.

Оқибатда жами 3 киши вафот этган. Улар шохобча раҳбари, оператори ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган», дейилади хабарда.

Вилоят ИИБ матбуот котиби Ҳамидулло Сағдуллаевнинг маълум қилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.