Навоий вилоятининг Нурота туманидаги боғчаларда болаларга истеъмолга яроқсиз гўшт берилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси хабар берди.
Маълум қилинишича, тумандаги мактаб ва боғчаларда ўқувчи ҳамда тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш ҳолати жамоатчилик назорати тартибида ўрганилган. Жараёнда қатор камчиликларга дуч келинган.
Жумладан, ўрганишлар натижасида айрим мактабгача таълим муассасаларида болалар учун ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш қоидаларига риоя қилинмаётгани кузатилган. Баъзи боғчаларда эса гўшт маҳсулотларининг 4/1 қисми яроқсиз ҳолатда экани қайд этилган.
Федерация тумандаги айнан қайси мактабгача таълим ташкилотида болаларга истеъмолга яроқсиз гўшт берилаётганини очиқламаган. Ўрганиш ишлари давом этаётгани, унинг якунлари ва аниқланган камчиликлар бўйича тегишли ташкилотларга маълумот тақдим этилиши билдирилган.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов олдинроқ вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказганди. Вилоят раҳбари учрашувда боғчалардаги камчиликларга тўхталиб, 1 кун муддатда масъуллардан “ҳалоллик ва виждон билан ишлаш” қасамёд хатини ёздириб олиш топшириғини берганди.











