20 феврал куни Kun.uz мухбири Фарғона шаҳридаги бир қанча метан заправкаларда бўлиб ҳолат билан танишди. Соат 16:30 лар чамаси заправка эшикларига қулф осилган. Лекин шунда ҳам “очилиб қолармикан?” дея умид билан машинасини навбатга қўйиб турган ҳайдовчилар жуда кўп.

“Бензинда юрганимга кўп бўлди. Бензин қиммат, ҳам сифатсиз. Иложсизликдан 80 маркали бензин қуйиб юрибман. Танишларим заправкалар кечаси шартномаси борлар учун қуйиб беряпти дегани учун умид билан келиб навбатга қўйдим. Чиқмаган жондан умид-да. Ҳайдовчиларга бу йил ҳар йилгидан-да оғир келди. Қийналиб кетдик”, дейди ҳайдовчилардан бири.

“Машиналарга газ қуйиб сотсак бизга ҳам яхши-ку, ишламаганимизга анча бўлди. Тепадан газ беришмаганидан кейин ишлай олмаяпмиз-да. Қувурларда босим паст дейишяпти. Давлат машиналарига, заправкамиз билан шартнома қилган айрим ташкилотлар учун кечаси 1-2 соатга очиб қуйиб беряпмиз”, дейди АГТКШ ишчиларидан бири.
Соат 20:00 да саноқли заправкалар ўз эшигини очди. Олди қаторнинг ҳаммасини катта юк машиналари эгаллаган. Ташқарида эса енгил машина ҳайдовчилари мўлтираб турарди...
Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров










