«Анналена Бербокнинг Дамашққа ташрифи шуни кўрсатадики, Суриянинг янги раҳбарияти нуфузли хорижий сиёсатчилар билан мулоқот қилишда жиддий муаммоларга дуч келаётгани аниқ», — дейилади Германиянинг n-tvв телеканали 5 январ, якшанба кунги репортажида. Аввалроқ ҲТШ раҳбари ва Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари Аҳмад ал-Шара Бербок билан қўл бериб саломлашмагани, аммо эркаклар билан қўл бериб кўришгани қайд этилган эди. Бербок мисолида у қўлини кўкрагига қўйиш ишораси билан чекланди.
Шу билан бирга, Сурия давлат ахборот агентлиги SANA Анналена Бербокнинг суратларини ўзгартиришларсиз чоп этди. Эркак ва аёл ўртасида қўл бериб кўришиш тақиқланмайди, аммо ҲТШ аъзолари бундай саломлашишни зинога биринчи қадам, деб ҳисоблашади, дея таъкидлайди n-tv.
Бербок Асад режими қурбонлари учун адолат талаб қилди
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Дамашқ ташқарисидаги Седная қамоқхонасидаги қийноқларга алоқадорларни жавобгарликка тортиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни талаб қилди. Германия дипломатияси раҳбари 3 январ куни Сурияга эълон қилинмаган ташрифи чоғида қамоқхонага ташриф буюрди.
Башар Асад режимининг ҳаракатлари натижасида у ерда ҳалок бўлганларнинг ҳаётини қайтариб бўлмайди, бироқ «барчамиз – халқаро ҳамжамият – адолат қарор топишига ёрдам бера оламиз», дея Бербок сўзларидан иқтибос келтирган dpa ахборот агентлиги.
Германия ташқи ишлар вазирига Европа Иттифоқи номидан унинг француз ҳамкасби Жан-Ноэл Барро ҳамроҳлик қилди.
Суриянинг «Сурия фуқаролик мудофааси» кўнгиллилар ташкилоти вакиллари сиёсатчиларга Седная қамоқхонасидаги шароитлар ҳақида гапириб берди. Ўтган йилларда Европа «Сурия фуқаролик мудофааси» ва БМТни эҳтимолий уруш жиноятлари тўғрисида далиллар тўплашда қўллаб-қувватлаган, деди бўлим бошлиғи.
«Биз айнан шу нарсани давом эттирмоқчимиз, шу жумладан, далиллар тўплаш, адолат ва бу даҳшатли жиноятлар билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш масаласида биз Суриядаги одамлар томонида эканлигимизни тушунтириш учун келдик», — дея таъкидлади Германия ташқи ишлар вазири.
«Сиз баъзи жойларда содир бўлаётган даҳшатни тасаввур қила олмайсиз ... Бу ерда, Сурия пойтахти Дамашқ яқинида, улар цивилизациялашган дунёда ақлга сиғмайдиган усуллардан фойдаланган ҳолда ўлдирилган», — дея қўшимча қилди Бербок.
Германия вазирининг сўзларига кўра, «Сурия фуқаролик мудофааси» Асад режими «инсоний бўлмаган қийноқлар режими» эканлигини бир неча бор таъкидлаган.











