11 декабр куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Уни Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов ўқиб берди. Ушбу қонун лойиҳасида транспорт воситаларини тротуарлардан, велосипед йўлкаларидан, яшил ҳудуд майдонларидан ҳаракатланишининг олдини олишга қаратилган нормалар белгиланган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси номи ва биринчи диспозициясига ўзгартириш киритилиб, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларида тротуар, велосипед ва пиёдалар йўлагида, яшил майдонларда ҳаракатлангани учун жавобгарлик белгиланади. Жавобгарликнинг қандай бўлиши ҳақида маълумот берилмади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддасининг номи ва биринчи қисми диспозициясига ўзгартириш киритилиб, йўлларда ноқонуний тўсиқлар ўрнатганлик, тўсиб қўйганлик, йўл ҳаракати иштирокчиларига тўсқинлик қилувчи бошқа қурилмаларни ўрнатганлик учун жавобгарлик белгиланади. Жавобгарликнинг қандай бўлиши ҳақида маълумот берилмади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.











