6 декабрь куни бўлиб ўтган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти педагоглар жамоасининг кенгайтирилган йиғилишида ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Уйғун Ғафуров / Фото: Мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Мажлисда тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Уйғун Ғафуров Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори лавозимига тайинлангани эълон қилинди. У 5 декабрь куни халқаро ислом академияси ректори лавозимидан озод этилган эди.

Уйғун Ғафуров бунга қадар ҳам Тошкент ислом институти ректори лавозимида 8 йил (2015-2023 йилларда) ишлаган.

Айни вақтда институт ректори вазифасида ишлаган профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.

Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов / Фото: Олий маъҳад

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 4 декабрь куни Музаффар Комилов Ўзбекистон президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган эди.

Музаффар Комилов

Комилов 5 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимига тайинланган. Шу муносабат билан Уйғун Ғафуров Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимидан озод этилган эди.