10:13 / 10.05.2024
16718

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи ўзгарди 

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган подполковник Икромжон Турсунов Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди.

Фото: ИИВ

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини ҳамда криминоген вазиятни барқарорлигини таъминлаш масалаларига оид тезкор йиғилиш ўтказилди.

Тадбир жараёнида Бухоро вилоятида оила-турмуш муносабатлари доирасида, шунингдек, ёшлар, аёллар томонидан ҳамда ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу борада маҳаллаларда шакллантирилган еттиликнинг ҳамкорлик масалалари танқид қилинди, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш вазифаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига подполковник Икромжон Турсунов тайинланди.

Икромжон Турсунов бундан олдин Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган.

Маълумот учун, 2023 йил февралидан буён Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида Миржамол Миралимов ишлаб келаётганди.

Top