Лойиҳа Ўзбекистон президенти администрациясининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

2016 йил 16 сентябрдаги “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни 17-моддасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни уларнинг организмида алкогол, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар мавжудлигини аниқлаш учун текширишни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Лойиҳада ички ишлар органлари профилактика инспектори ва патруль-пост хизмати ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб олиб келинган шахсларни МЖтКнинг 32-моддаси 6-бандига асосан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат этиб белгиланган ҳуқуқбузарликнинг маст ҳолда содир этилганлигини аниқлаш жараёнида алкотестер қурилмаларидан фойдаланиш ҳамда текширув ўтказиш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун 2024-2025 йиллар давомида босқичма-босқич жами 208 дона алкотестер қурилмаларини Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан олиниши режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, 1 дона алкотестернинг тахминий ўртача нархи 15 млн (жами 3,12 млрд) сўмни ташкил этади.