2023 йилнинг 3 апрел куни Қрим арбитраж суди Жиззах аккумулятор заводини Россияда интеллектуал мулк ҳуқуқини бузганликда айблаб, даъвогар фойдасига 257,3 млн рубл (33,7 миллиард сўм) товон пули ундириш ҳақида қарор қабул қилганди.
Завод бир неча йилдан бери Россияга “KUCH” бренди остидаги аккумуляторларни экспорт қилиб келади. Қримлик тадбиркор Артем Палийчук судга мурожаат қилиб, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ва Ростовда фаолият юритувчи “ARS Motors”” МЧЖ унга тегишли “KUCH” савдо белгисидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келаётганини иддаоси билан судга ариза билан чиқади. Қрим арбитраж суди даъво аризасини қаноатлантиради.
Жиззах аккумулятор заводи қарордан норози бўлиб, юқори инстанция судига апелляция шикояти киритади. Компания Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани ва Россия қонунчилигидан келиб чиқиб жаримага тортилишини ноқонуний ҳаракат сифатида баҳолайди. Апелляция суди ҳам қарорни ўзгартирмайди. Шундан сўнг, завод юқори инстанция судига мурожаат қилади.
Кассация инстанция суди Жиззах аккумулятор заводи фойдасига қарор чиқариб, интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилгани юзасидан белгиланган товон пулини бекор қилди. Суд даъвогар томонидан сунъий равишда юрисдикция яратилган деган позицияни қўллаб-қувватлаган.
Кассация инстанцияси суди қуйи судлар даъвогар томонидан келтирилган интеллектуал мулк ҳуқуқини суиистеъмол қилиш ҳақидаги далилларни етарлича текширмаганини қайд этган.
Kun.uz аввалроқ ёзганидек, завод 2022 йилда 8,1 млрд сўм соф фойда кўрган. Бу Россия арбитраж суди томонидан белгиланган жарима миқдоридан 4 баробарга камроқ.











