Kun.uz сайтида Асака туманида салкам 4,5 миллиард сўмга қурилаётган янги мактаб биносининг деворлари аллақачон шўрлаган ва ёрилган, эшиклари эса тўлиқ ёпилмаётгани ҳақида суриштирув эълон қилинган эди.
Бу қурилишни амалга ошираётган “Odil-Xamza” хусусий корхонаси масъули камчиликлар бартараф этилишини айтганди.
Андижон вилояти прокуратурасининг хабар беришича, корхона раҳбари Х.О. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Асака туман прокуратураси дастлабки терговни олиб боряпти.
Органга кўра, корхона томонидан 2022 йилда Асака туманидаги иккита маҳаллада сув тармоғи тортиш ишлари ҳамда 3-сонли мактаб биносини қуриш ишларида ҳақиқатда амалга оширилмаган 1 млрд 756 млн сўмлик иш ҳажми қўшиб кўрсатилиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли талон-торож қилинган бўлиши мумкин.
“Хусусий корхона раҳбари Х.О. бюджетга етказилган зарарни қоплаш чораларини кўрмасдан, аксинча тергов органига келишдан қасддан бўйин товлаб келгани сабабли у мажбурий тартибда келтирилиб, қонунда белгиланган тартибда гумон қилинувчи сифатида ушланган”, – дейилади хабарда.
Вилоят прокуратураси терговни назоратга олган. Ҳолат атрофлича ўрганилиб, натижалари жамоатчиликка маълум қилинади, дейилади хабарда.











