Айтиш жоизки, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги “Долзарб 40 кунлик”да фаол иштирок этиш бўйича Халқ демократик партияси алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, шунга мувофиқ бутун республика ҳудуди бўйлаб амалий ишлар олиб борилмоқда.

Чора-тадбирлар режасига мувофиқ, партиянинг фаоллари, 10 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлари, 1600 нафардан кўпроқ депутатлари кўчат ўтқазиш ишларида фаоллик кўрсатишмоқда, ижтимоий соҳа объектлари, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар истиқомат қиладиган ҳовли-жойлар, маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар томонидан ажратилган махсус майдонларга манзарали, иқлим шароитига тез мослашадиган дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда. Бу борада“Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш, шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш,ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида “Мен ҳам кўчат экаман”, “Ҳар бир ёшга ўн кўчат”, “Маҳалламизни боғ қилайлик”, “Мендан маҳалламиз боғига минг кўчат”, “Яхшидан боғ қолур”, “Депутат боғи”, “Ёшлар боғи”каби амалий акция ва лойиҳаларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Фото: Халқ демократик партияси

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи ҳудудида “Мўйноқ” илмий-ишлаб чиқариш участкасида амалга оширилаётган “Оролдаги боғим” майдончасига манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг маҳаллий бюджет параметрларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига маблағ ажратиш, ушбу маблағлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш, истироҳат боғлари, мавзули хиёбонлар, сайилгоҳлар, яшил майдонлар ва хиёбонларнинг намунали сақланишини таъминлаш, ҳудудларда янги жамоат истироҳат боғи ва кичик яшил истироҳат боғларни ташкил қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш борасида жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб бормоқда. Бу борада жойларда ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан бирга ранг-баранг акциялар ўтказилиб, кенг жамоатчилик, электорат вакиллари ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам фаол олиб борилмоқда.

Мақсад табиатда яшилликни кўпайтириш, об-ҳавонинг тозалиги, иқлим мўътадиллигини сақлаш, боғдорчилик маҳсулотларининг мўллигини таъминлашга ҳисса қўшишдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ⓣ