Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш таркиби;
  • Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш тўғрисида низом.
  • Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Идоралараро кенгаш раиси ҳисобланади. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги - унинг ишчи органи.

Низом Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, унинг фаолияти тартиби, шунингдек унинг самарадорлигига доир талабларни белгилайди.

Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини тиклаш, уларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этиш.