Ўзбекистонда онкологик касалликларда болалар ўлимига асосан хасталикнинг эрта ташхисланмаслиги, молекуляр даражадаги диагностиканинг мавжуд эмаслиги сабаб бўлиб келмоқда.
Бу ҳақда Болалар миллий тиббиёт маркази гематология ва онкология бўлими мудири Камол Искандаров Kun.uz’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Онкологик касалликларда болалар ўлимининг сабаби касалликнинг 3-, 4-босқичларда аниқланишидир. Бизда молекуляр цитогенетик даражада ташхислаш ҳозиргача йўлга қўйилмаган. Чунки халқаро протоколлар асосида даволаш ҳали ташкил қилинмаган.
Бу протоколлар асосида иш ташкил қилиниши учун эса болалар онкологияси ва гематологияси ягона бўлимда даволаниши кераклиги ҳақида талаб мавжуд. Бундай бўлимда барча нарсалар айнан болаларга мўлжалланган бўлади. Мазкур структура энди Болалар миллий тиббиёт марказида йўлга қўйилди, яъни болалар онкологияси ва гематологияси бир соҳага айлантирилди”, деди Камол Искандаров.
Бўлим мудирининг билдиришича, ривожланаётган ва ривожланмаган давлатларда онкологик касалликлардан ўлим кўрсаткичи 20 фоиз деб кўрсатилади.











