Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзагроинспекция»га таяниб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
«Бунда техникаларнинг ҳаракати ва ягона электрон базаси, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда импортёр корхоналар томонидан етказиб бериладиган техникалар ҳисоби юритилади», – деди инспекция ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева 18 январ кунги брифингда.
Kun.uz мухбири бу амалиёт нима учун кераклиги билан қизиқиб, Шодиевага мурожаат қилди.
«Авваллари бу каби рўйхатлар фақат қоғозда юритилган. Бундан буён биз қишлоқ хўжалик техникаларининг ягона ва ишончли базасини шакллантирмоқчимиз.
Бу орқали исталган киши Ўзбекистоннинг вилоят ёки туманларидаги қишлоқ хўжалиги техникаларининг сони ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин. Бунинг учун шунчаки базага кириш ва ҳудудни қидириш кифоя бўлади.
Бу – қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим амалиётлардан бири», – деди Холида Шодиева.











