2020 йилги давлат дастури бўйича Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишидаги ишларнинг бажарилиши Олий Мажлиси Сенатининг 9-ялпи мажлисида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Сенатор Минхожиддин Хожиматов қилинган ишлар қаторида йўл қўйилган камчиликларни ҳам санади.
«Шу ўринда Олий суд масъуллигидаги 2 та тадбирнинг ижросига тўхталмоқчиман. Бу 48 банддаги «Тадбиркорлик соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик асосларини қайта кўриб чиқиш ва айрим жиноят турларини декриминализация қилиш тўғрисида»ги ҳамда 52 банддаги «Судлар фаолиятида прокурор иштирокини такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари. Бу икки масала ўз номидан кўриниб турибдики, жуда долзарб.
Булар жамиятнинг бугунги ривожланишига ва ислоҳотларига ўта зарур бўлган қонун лойиҳалари ҳисобланади.
Ҳисоботда бу ҳужжат лойиҳалари ижроси бажарилмаганига «ишлаб чиқилган, юқори маъмурий идораларимизга киритилган», дея асослар келтирилган, лекин бу тадбир бажарилди дегани эмас.
Шунинг учун, йил якунига қадар бу топшириқлар ижросини таъминлаш керак», – деди сенатор.
Минхожиддин Хожиматов ўз нутқини қатор камчиликларга қарамай, Вазирлар Маҳкамасининг давлат дастури учинчи чорак ижроси бўйича ҳисоботини маъқуллаши ва қолган сенаторларни ҳам бунга чақириши билан тугатди.











