ДХA бўлим бошлиғи Камолиддин Хўжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 218-моддасига асосан эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда ҳамда ўртада вояга етмаган болалари ва мулкий низолари йўқлиги тасдиқланган ҳолатда никоҳдан ажралиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига берган аризаларига асосан қайд этилади.

Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига қуйидагилар тақдим этилади:

  • эр (хотин)нинг муомалага лаёқатсиз ёхуд бедарак йўқолган деб топилгани тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилувчи қарори;
  • эр (хотин) уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилингани тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукмидан кўчирма, шунингдек, судланган эр (хотин)нинг ўртадаги болалари ва мол-мулки юзасидан низоси йўқлиги тўғрисидаги тилхат.

«Никоҳдан ажралиш ариза берувчиларнинг яшаш жойидаги ФҲДЁ органига ариза берилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгач қайд этилади», деди ДХA бўлим бошлиғи.